среда, 24 сентября 2014 г.

ЭЗГУЛИККА ЭШ ИЖОД

Филология фанлари доктори, профессор Дамин ТЎРАЕВнинг “Ёшлик” адабий-ижтимоий журнали (4-сон, 2014 (276)) нинг “Тадқиқот” рукнида чоп этилган мақоласи (Амир ХУДОЙБЕРДИ ижоди хусусида):

ЭЗГУЛИККА ЭШ ИЖОД

Эл-юрт ободлиги ва ҳурлиги учун, ҳаётда адолат ва ҳақиқатни қарор топтириш учун, маънавий камолот учун кураш азал ва абад шеъриятнинг асосий вазифаси бўлиб келган. Чинакам истеъдод эгаси ўз шахсини улуғламайди, у ўзини эмас, Ватани ва миллатининг иқболини кўзлайди, ўз халқи ёки унинг баъзи тоифалари жаҳолат ботқоғига ботиб, нафс йўриғига кўра ўзгаларга зулм қилса, бунга бепарво қараб туролмайди. Аксинча, одамларни ҳақ йўлга, инсонга муносиб ҳаётга бошлайди.

Истеъдодли шоир Амир Худойбердининг шеърлари ана шундай инсоний улуғворликни мадҳ этувчи хусусиятлари билан ўқувчи диққатини тортади. Шоир ўзининг "Дунё ва мен", "Жавобсиз савол", "Эврилиш", "Еттинчи малак", "Ойдин лаҳзалар", "Суҳо" каби китобларида инсон ва унинг ҳаётдаги ўрни, теварак оламга муносабати, туйғулари хусусидаги ҳиссий-фалсафий мушоҳадалари билан ўқувчилар қалбидан жой олган. Шоир ҳар бир тўпламида ана шу фалсафий мушоҳадаларини янада теранлаштирган, дунё ва замин муаммоларини, бугунги кун халқ ва мамлакат ҳаётида бўлаётган янгиланишлар, одамларимиз маънавиятидаги ўзгаришларни ифодалашда ўзида улкан масъулият ҳис этган.

Инсонни ва унинг характеридаги сиру синоатини очиб бериш, ҳаёт бунёдкори сифатидаги салоҳиятини улуғлаш бадиий ижоднинг асосий масалаларидан. Шоир Амир Худойберди ҳам ўз замондоши бўлган ИНСОНга ботинига уйғоқ кўз билан назар солишини, шундагина ўзидан хабар топишини уқтиради:

Эй, инсон, юлдузинг кўрсатса нишон,
Фалак ато этган кунларга ишон.

Порласин толеъинг осмонида у,
Умринг кошонасин ёритсин мангу

Уйғоқ бўл, воқиф бўл чархи даввордан,
Бил, бари, барчаси Парвардигордан.

Ҳадиси шарифларда ҳар доим боқий дунёни эслаш – инсонни ҳалол ва пок яшашга, савобли ва хайрли ишларга ундайди, ёмон ишлардан қайтаради, дейилади. Аммо, афсуски, онда-сонда бўлса-да, ҳаётимизда бойликка ружу қўйиб тинмай мол-дунё йиғувчи, мансаб ва шон-шуҳрат учун виждон ва иймонини сотувчилар учраб туради. Шоир "Минг йил умр кўрсанг-да ..." шеърида жаҳолат гирдобида инсон қалби гўзалликларини сезмай ва беписанд яшаётганлардан нафратланиб, ўз қалби ақидасини қуйидагича ифодалайди:

Ерга боқ, тупроқнинг ҳар бир зарраси
Бобонгдир, момонгдир, қадим аждодинг.
Қулоқ тут, тинглагин уларнинг сасин,
Балки демоқдалар: "Яша пок бўлиб!
Умр масофаси қош билан қабоқ
Яша хок бўлмасдан бурун хок бўлиб.

Инсон қалбидаги тубсиз кечинмалар тасвирини ифодалашга бағишланган бошқа бир шеърида эса ҳаёт зарбаларига дуч келган лирик қаҳрамоннинг ёлғизликдаги ўй-хаёллари китобхонни фалсафий мушоҳадага ундайди:

Ёлғизлик, оҳ, ёмон ўлимдан,
Ҳамма давра мени ҳайдади.
Бойларни-ку қўйинг, улар давраси
Мен учун етти ёт, бегона.
Уларнинг астару аврасин
Риёдан ясаган замона.
                                          
Шоирнинг бир қатор шеърларида лирик қаҳрамоннинг ватанпарварлик туйғулари етакчилик қилади. Хусусан, "Тониб қайга борурсан", "Денгиз соҳилида", "Туркистон мадҳияси", "Ватанни ким сотар бўлса", "Изҳор" каби шеърларда қадим Турон ва туркий забоннинг жаҳоний шуҳрати, аждодлар даҳосининг дилларга ғурур бағишлаши, ўзликни англаш, Ватанга фидойилик ва садоқатлилик ўзига хос рамзий услублар ва бадиий умумлашмаларда берилган. "Элдошларим" шеъридаги қуйидаги мисралар ҳам бу фикрни тасдиқлайди:

Туққан элим, қариндошим, қавмим азал,
Нисор бўлсин мадҳиянгга минглаб ғазал.
Айиролмас сиздан мени ҳатто ажал,
Йўқлаб сизни келдим бу кун, элдошларим...

Бу мисралар шунчаки сўзлар қатори эмас. Балки ҳаётда эл ва элдошлар довруғидан фахрланувчи, уларнинг қувончу ташвишларини ўзиники деб билган, Ватаннинг остонадан бошланишини ҳис этган лирик қаҳрамоннинг эҳтиросли қалбидан отилиб чиққан ҳис-туйғулар алангасидир ва ҳаётдаги яшаш тарзининг ифодасидир.

Аёлни эъзозлаш халқимизнинг олий қадриятларидандир. Амир Худойберди ҳам "Бу қиз...", "Ишваларинг ёлғон", "Кўзинг дарёсида", "Хиёнат", "Мен учун ўлгансан...", "Бегойим", "Оҳ, бирам нозанин" каби шеърларида ана шу улуғ ва муқаддас мавзуни қаламга олади. Гоҳо Амир шарқона иффатни, меҳр-муҳаббат ва нафосатни оёқ ости қилаётган аёлларга ўз нафратини билдиради:

Муҳаббат Худоси сени қарғаган,
Меҳру садоқатни қилмассан хаёл.
Асли ялмоғиз ҳам сендан тарқаган,
Фаришта ниқобин ёпинган аёл.

Шоир аксарият ашъорларида аёлдаги ақл-заковатни, нафосат ва назокатни, бардош ва матонатни, покликни улуғлайди.

Амир Худойбердининг бир талай шеърлари халқимизнинг шўро давридаги ҳаётнинг бадиий талқинига бағишланган. Булар орасида "Дунёни йўқотдим" шеъри эътиборлидир. Шоир рамзий ташбеҳлар орқали шўро даврида давлатни бошқарган нодон инсонларнинг жамиятга олиб келган кулфатларини, оддий халқнинг яшаш илинжида ана шу нодон ва очкўз мансабдорларга сажда қилишга мажбур бўлганини, коммунистик мафкура халқни асрлар қаъридан асраб-авайлаб келинган маънавий хазиналардан жудо қилганини ҳаётий манзаралар чизгиларида тасвирлаб беради. Шоир айтмоқчи имлони йўқотиш муаммоси ҳам мустабид шўролар сиёсатининг оқибатларидир:

Чиқмас саводим, имлоси ўзга,
Имлони излаб, имлони йўқотдим.
Соҳиби олам унут бўлса не,
Эшакка сиғиниб, Исони йўқотдим.

Шоирнинг назм бисотидан ўз замондошлари фазилатларини мадҳ этувчи бир қатор бағишлов шеърлар ҳам ўрин олган. Булар орасида адиба Шарофат Ашурова ва таниқли шоир Икром Отамуродга самимий эҳтиром рамзи бўлган бағишловларни адабиётимиздаги мавжуд анъаналарнинг Амир Худойберди ижодидаги яхши намуналари дейиш мумкин. Хусусан, Икром Отамуродга бағишланган "Болалик даштлари" шеърида шоир шеъриятидаги таъриф ва тавсифлар муаллиф қалбини ром этади. Она-юрт бағрида ўсган қўзигуллар ҳидидан маст бўлган лирик қаҳрамон болалиги бўй чўзган юртнинг мусаффо осмонида қўшиқ кўйлаб, беғубор болалик кўчаларида севинчларга тўлиб сайр қилади. Адиба Шарофат Ашуровага бағишланган "Шарофатли опам, зарофатли опам" шеърида эса ҳаёт ва ижодкор шахс, ижодкорнинг жамиятдаги ўрни ҳақида фикр юритилади:

Мен деҳқонман, қоғоз -
Ҳайдалмаган далам,
Сочган уруғим - сўз, кетмонимдир қалам.
Бисёр ҳосил олсак, чекиб ранжу алам,
Бўла олсак эл аро фасоҳатли, опам.

Кейинги пайтларда Амир Худойберди ижодида тўртлик жанрининг етакчи ўрин эгаллаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Маълумки, бу жуда мураккаб жанрлардан бири ҳисобланади. Бу жанрда фикрни сиқиқ ва ихчам ифодалаш жуда катта меҳнатни талаб қилади. Нафақат шоирона нуктадонлик, балки фалсафий билимдонлик, донишмандлик каби хислатлар ҳам талаб этилади бу жанрда. Атоқли шоир Эркин Воҳидов "Шеърнинг зўри тўрт сатр, Тўрт бўлса-да зўр сатр. Шоир одам ўзини Тўрт сатрда кўрсатур", деб бежиз ёзмаган.

Билмадим, шеърларим эскими-янги,
Ўчган-ўчмаганми бўёғи, ранги.
Лойни Вақт кулоли обдон пишитган,
Соз эрур боз эски хумнинг жаранги,

деб ёзади шоир бир тўртлигида. Дарҳақиқат, Умар Хайём, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Бедил каби мумтоз сўз санъаткорлари ижодидан баҳраманд бўлмай, уларнинг маҳорат мактабидан сабоқолмай, улар яратган бебаҳо назмий дурдоналардан, рубоийлардан таъсирланмай бу жанрда муваффақиятли қалам тебратиш қийин. Амир Худойбердининг "Суҳо" ("Академнашр", 2010) номли китоби асосан тўртлик ва митти манзумалардан иборат.

Шоирнинг бир қатор тўртликлари ўзининг халқона оҳангларга яқинлиги ва фалсафий қарашларга бойлиги билан ўқувчи эътиборини тортади. Уларда биз инсон руҳий оламининг чексиз гўзалликларини, халқ тақдири билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар, мустақил юрт ташвиши йўлидаги бунёдкорлик, халқимиздаги ақл-заковат ва шарқона ҳикматлар мағизининг бадиий инъикосини учратамиз. Бу тўртликлардаги лирик қаҳрамоннинг аксарияти ҳаётимизда мавжуд баъзи одамларнинг маънавий қашшоқлигидан безовта ва айни пайтда элу юрт тараққиёти учун ўзини бахшида этувчи инсонлардир:

Мени ёмон дейсан, хўш, ўзинг кимсан?
Бебош нодон дейсан, хўш, ўзинг кимсан?
Мен элу эрк дейман, сен-чи мени сотиб,
Беринг унвон дейсан, хўш, ўзинг кимсан?

Шоирнинг ишқ мавзуидаги "Азизам, сен мени кечир, истасанг...", "Сени таъриф этар бўлсам...", "Сизга ярашади", "Жононалар", замонавий – "мо-дерн" услубида ёзилган "Метаморфоза", "Севгим-қанотлари кесилган қумри...",  "Бу қиз" каби шеър-лари, мулойим юмор билан безалган ҳазиллари ва ўқувчини покликка ундовчи тасаввуфий оҳангдаги байтлари ҳам ўқувчилар дилига яқин бўлиб, уларнинг маънавий оламини бойитади. Амир Худойберди шеърияти ҳақида гап кетганда унинг халқ оҳангида яратилган назмий сатрлари ҳақида тўхталмасдан илож йўқ. Унинг "Дунё ва мен", "Эврилиш", "Ойдин лаҳзалар" номли китобларида халқнинг донишмандона фалсафий қарашлари, йўрға оҳанглари акс этган мисралар талайгина. "Қадимий қўшиқ", "Бахшиёна", "Қарамайман" каби шеърларида шоир унутилаёзган туркона оҳангларни қўллайди.

Ўртамизда катта тоғ бор,
Сен томонга ўтолмайман.
Менга интиқ-интиқ боққан
Кўзларингдан ўполмайман.

Амир Худойберди мумтоз адабиёт дурдоналарини чин дилдан қадрлайдиган шоир. Навоий, Фузулий, Бобур, Машраб, Муқимий, Фурқат каби буюк сўз санъаткорлари ижодини ўрганиши орқали ғазалнависликда маҳорат мактабини ўтади. Деярли ҳамма китобида аруз вазнида яратилган шеърлар асосий ўринни эгаллайди. Унинг "Эврилиш", "Ойдин лаҳзалар" номли тўпламларида, айниқса, ўнлаб ғазалларни кўришимиз мумкин. Арузда яратилган "Таҳайюлот" номли достонига эса асосий сюжет билан боғлиқ 11 та ғазал киритилган. Шу жиҳатдан достоннинг композицион қурилиши ўзига хос бадиий қимматга эга.

Гар кетар бўлсам,
мени дашти фанодан изламанг,
Топмагайсиз барибир,
еру самодан изламанг.
Белги қўймангиз
мозорим устига тошдин, ажаб,
Ул нишон бўлгайму мендин,
ҳар балодан изламанг.

Амир Худойберди "Еттинчи малак" номли тўп-ламидаги "Йўқотма дафтаримни" шеърида гўё ўзининг ўқувчилар билан галдаги учрашувига ишора қилади:

Узун тундир бугун, ёндим узун шамдек ногаҳон,
Кипригимни қалам қилдим,
қалбни дафтар, сиёҳ – қон,
Дафтаримга тўкдим дилда бўлса
не сирлар ниҳон,
Олар бўлсанг агар, дўстим,
йўқотма дафтаримни.


Ўйлаймизки, шоирнинг "кипригини қалам, қалбини дафтар" қилиб озод юртимиз ҳаётида юз бераётган янгиланишларни, одамларимиздаги имон-эътиқодни улуғлаб, уларнинг руҳий ва маънавий гўзалликларини олқишлаб ёзган шеърилардан ташкил топган "қалб дафтари", яъни китоблари адабиёт ихлосмандлари қалбидан муносиб ўрин олади.