вторник, 22 апреля 2014 г.

ДАРЁ БЎЛСИН КЎНГЛИНГИЗ ДОИМ



Гарчи суҳбат анча олдин бўлса-да ундаги гаплар яқингина айтилгандай...

Қалам аҳли ва адабиёт мухлислари шоир Амир Худойбердини яхши билишади. Таъбир жоиз бўлса, унинг бутун вужуди катта қалб, истеъдод, ирода ва матонатдан иборат. Дастлабки тўплами чоп этилгандаёқшеърият мухлислари адабиётимизга фавқулодда истеъдод соҳиби кириб келаётгани ҳақида гапиришган эди. Ўзига хос ижодини мумтоз ва замонавий шеъриятимиз ўртасидаги бир кўприк дейиш мумкин. Бадиийликнинг ажойиб намуналари бўлган шеърларини ўқир экансиз, юрагингиз жиз этади, кўнглингизни мунаввар туйғулар эгаллайди, тафаккурингиз бойийди. Амир Худойберди 1961 йил Қарши туманидаги Шилви(Шайх Шиблий) қишлоғида таваллуд топган. 1985 йилда Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. 1994 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. "Дунё ва мен", "Жавобсиз савол", "Эврилиш", "Еттинчи малак", "Ойдин лаҳзалар" китоблари чоп этилган. У айни пайтда "Насаф" нашриётининг директори вазифасида ишламоқда. 

- Шу кунларда Ватанимиз мустақиллигининг 18 йиллиги шодиёналари руҳи билан яшаяпмиз. Ўтган 18 йилда нафақат мамлакатимизда, балки тафаккуримизда ҳам ўн саккиз минг олам ҳайратлангулик ўзгаришлар рўй берди. Шоир ва ёзувчиларимизнинг шу йиллардаги ижоди ҳам асрларга татигулик ана шундай ўзгаришларга муносиб бўлди, дея оласизми?

- Эрк ва озодлик йўлида шаҳид кетган аждодларимизнинг армонлари, орзулари тупроққа кўмилиб қолиб кетмади. Озод ва обод Ватан орзусида жон фидо қилган боболаримизнинг руҳи поклари ҳаққи мустақилликдай олий неъматнинг қадрига етишимиз керак. Қалам аҳли бу борада барчага ибрат бўлиши лозим, деб ўйлайман. Зеро ижодкорлари фаол ва фидойи миллатни енгиб бўлмайди.

Ватанпарварлик мавзусида кўплаб асарлар яратилди, яратилаяпти. Аммо бу мавзу қанча ёритилгани билан чеки, адоғи йўқ. Ватанпарварлик ғояси сингдирилган ажойиб асарлар ҳали кўплаб яратилиши шубҳасиз.

- Президентимиз Ислом Каримовнинг яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига йўллаган ва матбуотда чоп этилган қимматли маслаҳатлари, фикр-мулоҳазаларидан вилоятимиз қалам аҳли қандай хулоса чиқариб олди?

- Бу айни муддао бўлди. Юртбошимиз адабиётда, Ёзувчилар уюшмасида кўпдан буён йиғилиб ётган муаммоларни ҳал қилишнинг, адабиётимизни янада ривожлантиришнинг оқилона йўлларини кўрсатиб бердилар. Бундан биз ижодкорлар тегишли хулоса чиқариб олдик. Масъулиятимизга масъулият қўшилди, деб баралла айта оламан.

- Илгари ҳаётни, дунёни болалар асосан бувижонларимиз узун тунлар сўзлаб берган эртаклар орқали англар ва танир эдилар. Бугун-чи?

- Бугун кўпроқтелевидение, интернет, компьютер, DVD ва бошқа воситалар ёрдамида дунёни ўрганишаяпти. Негаки, ҳар бир даврнинг ўзига хос хусусиятлари бўлади. Бироқтехника тараққиёти ҳеч қачон бувижонлар ва онажонларимизнинг жонли суҳбати ўрнини, адабиёт ўрнини боса олмайди.

- Эртаклар ва замонавий ахборот воситалари. Уларнинг қай бири боланинг кўнглини эзгуликка тўлдиради? Қай бири ҳаётни реалроқ, тезроқанглашга ёрдам беради? Умуман, ҳаётни романтик тарзда англаган маъқулми ёки реал?

- Ҳис-туйғу ўлса, инсон қалбида, ички моҳиятида таназзул бошланади. Романтик туйғуларсиз инсоният чеки-чегараси йўқзулмат гирдобида қолган бўлурди. Инсоният тарихидан аёнки, улкан-улкан кашфиётларнинг катта қисмини "хаёлпарастлар" амалга оширишган. Фантазия кишини беҳудуд оламни англашга интилтиради, тор ва биқиқмуҳитда ўз қобиғига ўралиб қолишига ҳеч қачон йўл қўймайди. Аммо ўз ўрнида, реал ҳаётга тик боқишни ҳам ўрганиш керак.

- Ҳаётга тик боқадиган бўлсак, давр шиддатли, воқеалар мураккаб. Турли-туман йўллар билан маънавиятимизга, қадриятларимизга, тафаккуримизга, ҳаёт тарзимизга таъсир этувчи хуружлар кучайиб бормоқда. Шундай бир жараёнда биз адабиётдан нималарни кутишга ҳақлимиз?

- Адабиёт – инсонни комилликка чорловчи юксак эзгу ғоялар, маънавият, иймон-эътиқод байроқдори бўлиши лозим. Ватандошларимиз, миллатдошларимиз ташқи зарарли фикрлар хуружидан ёшларни, болаларни ҳимоя қилишда энг муҳим воситалардан бири сифатида адабиётдан фойдалансалар мақсадга мувофиқбўлур эди. Бунинг учун энг аввало адабиётга, мутолаага қайтиш керак!

- Шу ўринда бевосита ёзувчининг, умуман, ижодкорнинг маънавий ҳуқуқи, фуқаролик позицияси ҳақида ҳам сўз юритишга тўғри келади.

- Ижодкор энг аввало фаол фуқаро бўлиши, даврнинг мураккаб ва чигал масалаларини ҳал этишда ўз истеъдоди, кучи, билим ва маҳоратини тўла сафарбар қилиши зарур ва шарт деб ўйлайман.

- Сиз ҳозир вилоятимиз адабий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи нашриётнинг раҳбарисиз. Айтинг-чи, "Насаф" нашриёти ўз олдига қўйилган вазифаларни қай даражада бажармоқда?

- "Насаф" нашриёти аслида вилоятимизда яшаб ижод қилаётган қаламкашларнинг асарларини чоп этиш, тарғиб қилиш мақсадида 1991 йилда мустақиллик шарофати билан ташкил этилган эди. Нашриёт фикримча, бу вазифани баъзи қийинчиликларга қарамай, шараф билан уддалаб келаяпти. Айни кунларда нашриёт фаолиятини янада кенгайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Мақсадимиз - маҳаллий доирадан чиқиб, республика миқёсида фаолият олиб бориш. Сурхондарёлик ижодкорларнинг, пойтахтда ижод қилаётган қаламкашларнинг ҳам асарларини нашрга тайёрлаяпмиз.

- Китоб нашр этиш – осон иш эмас. Баъзилар айтишаётгандек, одамлар китоб сотиб олмайди, китоб ўқимай қўйди, дейиш ҳам бефойда. Шундай экан, вилоятимиз ижодкорларининг энг яхши асарларини ўқувчиларга етказишнинг бошқа, замонавий усулларидан, масалан, интернетдан фойдаланиш вақти келмадимикин? Интернет-магазин деган имконият бор. Интернетда веб-сайт очиб, чоп этилган янги асарлар ҳақида қисқача маълумот бериб бориш мумкин. Ёки бадиий кенгаш тавсия этган яхши асарларни ўша сайтга жойлаштирса ҳам бўлади. Умуман, ҳозир қайси ёзувчи ёки шоирнинг ўз веб-сайти бор?

- Бу ҳақиқатан ҳам долзарб масала. Энг яхши китобларни тарғиб қилишда замонавий усуллардан фойдаланиш вақти етди.

- Яқинда чоп этилган "Қашқадарё баёзи"нинг дастлабки жилди ҳақида нафақат вилоятимизда, балки бошқа жойларда ҳам илиқфикрлар билдирилмоқда. Баёзнинг кейинги жилдларини насиб этса, қачон ўқиймиз?

- Олти жилддан иборат "Қашқадарё баёзи" китобининг биринчи ва иккинчи жилди нашрдан чиқди. Учинчи ва тўртинчи жилди нашрга тайёрланаяпти. Баёзга ўтмишда яшаб ўтган, ҳозирда яшаб ижод қилаётган 400 дан ортиқшоир ва адиб ижодидан намуналар саралаб жамланаяпти.

- Мавриди келганда, ўз ижодингиз ҳақида ҳам тўхталсангиз…

- Яқинда Тошкентдаги "Ниҳол" нашриёти томонидан "Ойдин лаҳзалар" номли янги шеърий тўпламим чоп этилди. Тўртликлардан иборат яна бир китобим нашр қилиниш арафасида. Ватан, эл-юртга муҳаббат мавзусида "Айирмасин Ўзбекистондан" деб номланган янги тўпламимни нашрга тайёрлаяпман. Хуллас режада қиладиган ишлар кўп. Ҳамма гап улгуришда…

- Дастлабки шеърларингизда тушкун бир кайфият сезилиб турса, бугунги асарларингизда ҳаётбахш ғоялар бўртиб турибди. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Умидсизлик, тушкунлик кўринмас офат, руҳни емиради, қалбни парчалайди. Мен ўз ҳаёт ва ижодий йўлим давомида кўп қийинчилик ва тўсиқларни енгиб ўтишимга тўғри келди. Баъзан ҳақсизлик гирдобида азоб чекдим.

- Ва ҳаммасини сабр-бардош, ирода билан енгдингиз...

- Ҳаётнинг ўзи курашлар, интилишлар, сабру бардошлардан иборат эмасми? Бу жараёнда турли кайфиятлар сизни чулғаб олади. Табиийки, улар ёзаётган асарларингда из қолдирмай иложи йўқ. Мустақилликни мен ғоят қадрлайман. Биринчи китобим "Дунё ва мен" мустақиллик шарофати билан 32 ёшимда дунё юзини кўрган. Ватанимда оламшумул ўзгаришлар бўлаётганлиги мени ниҳоятда қувонтиради.

- Юртдошларимизга ниятлар ва тилакларингиз...

- Ўзбегимни ҳеч қачон ўзлигидан айирмасин деб ният қиламан ҳамиша.

Дарё бўлсин кўнглингиз доим,
Оқиб турсин, бўлмасин кўлмак.
Эрк йўлида, иймон йўлида
Шарафлидир яшамак - ўлмак!

Суҳбатдош Мақсуд ҲАМРОЕВ

1 комментарий: